Москва вилоятида юз берган қонли ҳужумдан кейин олти кун ўтган бўлса-да, машъум бино олдига одамлар гул, юмшоқ ўйинчоқлар олиб келишда давом этяпти. Маълумотга кўра, “Крокус”га ҳужум қилишда айбланганлар наркотик ва психотроп моддалар таъсирида бўлган. Бу ҳақда “ТАСС”га ҳуқуқ-тартибот идоралари маълум қилган. Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 март 20:00 ҳолатига кўра, 143 киши вафот этганини айтди. Президент матбуот хизмати фожиадан кейинги дастлабки кунларда Путин воқеа содир бўлган жойга нима учун бормаганини тушунтирди. Айтилишича, биринчидан ташриф режада бўлмаган, иккинчидан бу штаб ишига халақит берарди. Шунингдек, агар Президент ва ҳалок бўлганлар оилалари ўртасида бирор алоқа зарур бўлса, Кремль хабар бериши қўшимча қилинган.
Теракт бўйича айбланувчи Алишер Қосимов Москвада бир неча кафега эгалик қилган. Ҳозир унинг “Чайхона” кафеси муҳрланган, муассаса номи ёзуви олиб ташланган.
Тожикистоннинг бошқа бир фуқароси террор ҳаракатини оқлаб изоҳ ёзгани учун 7 йилга қамалиши мумкин. Унга нисбатан очилган “террор ҳаракатига чорлаш” айблов иши судга оширилди. Ҳодисада айбланаётган бошқа кимсаларнинг оила аъзолари устидан олиб борилаётган тергов бир неча кундан бери давом этяпти.
РФ етакчиси матбуот котиби Дмитрий Песков “Известия” нашрига берган интервьюсида теракт ҳақидаги расмий хулоса ҳали айтилмагани, бироқ кутилаётгании айтди. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар жиноятнинг аниқ бир версиясини ҳал қилиш устида ишламоқда.
“РИА Новости” ҳужум уюштирганлар ИШИДга тегишли гуруҳнинг Афғонистондаги тарфдорлари Телеграм канали орқали ёлланганини ёзди.
Маълум қилинишча, “Крокус” маъмурияти кузатув камераларидаги барча тасвирларни терговга топширган. Шу орқали баъзи саволларга жавоб топилиши мумкин.
Мигрантлар учун чеклов
Россия Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш вазирлиги “Россияда ишлаш” давлат компаниясини меҳнат муҳожирларини ишга ёллаш операторига айлантириш таклифини киритган. Шу тариқа мигрантнинг иш берувчи билан шартнома тузиши ва фаолият олиб бориши назорат қилинади. Чет эл фуқароларининг Россия ҳудудида бўлишини назорат қилиш Ички ишлар вазирлигига юклатилган.
Москвадаги сўнгги воқеалардан кейин Қирғизистон ҳам Россиядаги фуқароларини огоҳлантириб, турли хил иғволарга берилмасликка ва ижтимоий тармоқ орқали иш топмасликка, болалар устидан назоратни кучайтиришга чақирди.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.