Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан Ўзбекистон — Қозоғистон давлатларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириши, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташки этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ва Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов учрашувида муҳокама қилинди.

Элчи Б. Атамқулов Ўзбекистонда оммавий спортни ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани натижасида салмоқли муваффақиятларга эришилаётганини, эшкак эшиш, шахмат, хоккей, бокс ва яккакураш спорт турлари жадал ривожланаётганини эътироф этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонда ўтадиган Жаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида иштирок этиши масаласида сўз юритилиб, спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма спорт тадбирлари ва ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, икки давлат жисмоний тарбия олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласида бир қатор келишувларга эришилди.

Т.Рўзиев, ЎзА