Она табиат тозалиги ва ободлиги йўлида юртимизда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан «World Zero-Waste day» муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда  «Чиқиндисиз дунё учун!» оммавий плоггинг экоакцияси ташкил этилади.

Тадбир Ўзбекистон бўйлаб жорий йилнинг 30 март (шанба) куни соат 10:00да старт олади, дейилади Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази маълумотида.

Экоакция республика бўйлаб ҳудудларнинг қуйидаги манзилларида ўтказилади:

Тошкент вилояти — Тошкент денгизи соҳили бўйида;

Тошкент шаҳри — Яккасарой тумани, «Шаршара» кўчасида;

Сирдарё вилояти — Гулистон шаҳри, «Янги Ҳаёт» МФЙ, «Буюк келажак» кўчасида;

Жиззах вилояти — Шароф Рашидов тумани, «Тоқчилик» МФЙ ва Учтепа даҳасини боғловчи катта йўл ёқасида;

Самарқанд вилояти — Самарқанд шаҳри, «Ҳишрав» қўрғонида;

Навоий вилояти — Навоий шаҳри, «Кимёгар» МФЙ, Амир Темур кўчасида;

Бухоро вилояти — Бухоро шаҳри, «Сомонийлар» истироҳат боғининг эски қалъа девори билан туташ ҳудудида;

Сурхондарё вилояти — Бойсун туманида;

Хоразм вилояти — Урганч шаҳри, «Амир Темур» истироҳат боғида;

Қашқадарё вилояти — вилоят марказидаги «Алишер Навоий» номидаги истироҳат боғи ҳудудида;

Андижон вилояти — Андижон тумани, «Янги Андижон» массивида;

Наманган вилояти — Тўрақўрғон тумани, «Бахт» МФЙ ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида;

Фарғона вилояти — Фарғона шаҳри, «Саткак» дам олиш зиёратгоҳида;

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, «Дўстлик канали» бўйи дам олиш масканида.

 

А.РУСТАМОВ, ЎзА