Айни кунларда Москва шаҳрида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси томонидан МДҲ мамлакатлари Давлат бошқаруви академиялари форуми ва “Бошқарув тизимида шахснинг роли” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда. Мазкур конференцияда МДҲ мамлакатлари Давлат бошқаруви академиялари ректорлари ҳамда давлат бошқаруви соҳасида фаолият кўрсатаётган етук олимлар иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Бекмуродов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда. Юртимиз делегацияси томонидан давлат бошқаруви кадрларини тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда давлат хизматчилари малакасини ошириш каби масалалар муҳокама этилмоқда. Тадбирлар доирасида замонавий раҳбарда лидерлик, ўзини бошқариш, self-менежмент, конфликт-менежмент, низоларни бошқариш, ғоялар генерацияси, инсонларни тинглай олиш ҳамда мақсадни тўғри шакллантириш каби хислатлар бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Форумни ўтказишдан мақсад Давлат бошқаруви академиялари ўртасида давлат бошқаруви кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашда қўшма лойиҳалар ва илмий тадқиқотлар олиб боришдаги ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси ўртасида узоқ йиллар давомида ўзаро манфаатли шериклик алоқалари ривожланиб бормоқда. Жумладан, ўтган 2023 йилда россиялик 55 нафар давлат хизматчилари юртимизда бўлиб, Давлат бошқаруви академиясида стажировка ўтади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА