“Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорованинг маълум қилишича, 2024 йилда умумий қиймати 1 миллиард 74 миллион долларлик 80 та йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати лойиҳаси амалга оширилади. Бундай имконият эса нафақат ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, балки ушбу лойиҳалар орқали чекка ҳудудларга инвестициялар, янги билимлар ва технологиялар кириб келишига замин яратади.

–Бугунги кунда мамлакатимизда 8 мингдан ортиқ тўқимачилик корхонаси  фаолият кўрсатмоқда, – деди Ш.Қўчқорова. – Бу эса республикамиз ҳудудларидаги аҳоли ва ёшларнинг иш билан таъминланишида қўл келди. Шу билан бирга, ушбу корхоналар тўқимачилик саноатининг равнақида муҳим роль ўйнайди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан 2023 йилда умумий қиймати 730,3 миллион долларга тенг 78 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Натижада 23 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил қилиниб, 265,7 миллион доллар экспорт салоҳияти яратилди. Аҳамиятлиси,  60 тадан ортиқ корхона тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уларда  32,5 минг тонна трикотаж мато, 62,4 миллион квадрат метр ип-газлама ва 120,3 миллион дона тикув-трикотаж, 14 миллион жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш янги қувватлари яратилди.

Жорий йилги лойиҳалар натижасида  22 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади. 388,8 миллион доллар қўшимча экспорт салоҳияти яратилади. Бунда хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида 534,3 миллион долларлик 47 лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Куни кеча Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида тақдим этилган 3 та йирик лойиҳа ҳам шулар жумласидандир.

Ушбу лойиҳаларни вилоятлар кесимида айтадиган бўлсак, 16 та Андижон вилоятида, 16 та Фарғона вилоятида, 9 та Тошкент вилоятида, 8 та  Наманган вилоятида, 5 та Бухоро вилоятида, 4 та Қорақалпоғистон Республикасида татбиқ этилиши кўзда тутилган.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА