Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Транспорт вазирлиги хузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилди.

Транспорт назорати инспекциясининг мақоми ва фаолиятини ташкил этиш асослари, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги белгиланди. Автомобиль ва сув транспортида назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Санжар Сатторов билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.

– Инспекциянинг ваколатлари кенгайиши қандай натижалар беради?  

– Инспекция автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади, – дейди Автомобиль ва сув транспортида назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Санжар Сатторов. – Республика ҳудудида Автомобиль ташувлари соҳасида амалдаги қонунчилик талаблари асосида фаолият юритилиши устидан давлат назорати амалга оширилади.

– Инспекция ходимлари томонидан йўл ҳаракати иштирокчилари ўртасидаги муносабатда қонунийлик таъминланиши ва назорат қилиниши қай тартибда амалга оширилади?  

– Ҳозирги кунда инспекторлар маъмурий баённомаларни электрон расмийлаштириш учун планшетлар билан таъминланган ва ушбу орқали муносабатлар қонунийлиги таъминланади.

– Инспекция ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва касбий маҳоратини ошириш юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?  

– Ходимларнинг билим ва малакаси мунтазам равишда малака ошириш курсларида ошириб борилмоқда. Жумладан, халқаро тажрибани соҳада татбиқ этиш мақсадида Россия Федерациясининг ваколатли транспорт назорати органи билан тажриба алмашилди ва англашув меморандуми имзоланди. Жорий йилда ҳам мазкур меморандум доирасида, шунингдек инспекция ходимларининг халқаро тажрибаларини ошириш мақсадида хорижий давлатларда малака ошириш режалаштирилган.

– Йўловчиларни лицензиясиз ташиётган ҳайдовчиларни аниқлашда янгиликлар борми?  

– Инспекция ходимлари замонавий ахборот электрон қурилмалари билан таъминланади. Хусусан, давлат инспекторлари 150 та планшет ва 251 та боди камера қурилмалари билан жиҳозланади, улар учун дастурий таъминот ишлаб чиқилади ва тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

Шу орқали, инспекция ходимларининг иш самарадорлиги оширилади. Рейд назорати тадбирлари давомида ҳужжатларни расмийлаштиришда қоғозбозликдан воз кечилади. Рейд тадбирларида ходимлар иш фаолияти масофадан назорат қилинади. Вужудга келиши мумкин бўлган эҳтимолий коррупциявий ҳолатлар олди олинади.

–Лицензия талабларини бажариш ҳолатларини текшириш қандай тартибда амалга оширилади?  

– Бизнес-омбудсман билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектига бориб текширилади. Юк ва йўловчи ташишни назорат қилиш бўйича рейд тадбирлари, стационар ва мобил постларда текшириш учун тўхтатиш, стационар ва мобил постларда рейд тадбирлари жараёнида текшириш учун транспорт воситасини тўхтатишда махсус чироқ-маёқча, овоз кучайтиргич мослама, қўл ёки жезл ишораларидан фойдаланилади. Назорат тадбирлари давомида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида автомобиль салонида бўлган йўловчилар билан суҳбат олиб борилади.

– Йўловчиларга ташиш хизматини лицензиясиз кўрсатаётган ҳайдовчиларга қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштиришга инспекция ходими ваколатлими?  

– Ҳа, албатта ваколатли. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари автомобилда юк ҳамда йўловчи ташиш, темир йўл, ички сув ва шаҳар электр транспорти ҳамда йўл хўжалиги соҳасида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузади, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазо чораларини қўллайди.

– Инспекция ходимлари автотранспорт воситаларини мустақил равишда тўхтатиб ҳужжатларини текшириши мумкинми?  

–Автотранспорт воситасида юк ва йўловчилар ташиш қоидаларининг бузилиши визуал кузатув ёки махсус мосламалар ёрдамида аниқланганда, инспекция ходимлари автотранспорт воситасини юк ва йўловчи ташишни назорат қилиш бўйича рейд тадбирлари, стационар ва мобил постларда текшириш учун тўхтатиш ваколатига эга. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, айни вақтда инспекция ходимларининг махсус формалари бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА