Юртимизда таълим жараёнининг барча иштирокчиларини замонавий технологиялардан тенг ва кенг фойдаланишини таъминлаш, ягона ахборот муҳитига бирлаштириш, рақамли тафовутни бартараф этиш ва шу орқали таълим сифатини ошириб, ўқувчиларнинг ютуқларни қайд этиш тизимини такомиллаштириш жадал кечмоқда. Мисол учун, мамлакатимиз умумтаълим мактабларида “Kundalik.com” тизимидан фойдаланилаётганига ҳам анча бўлди. Бугун ота-оналар, ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳам мазкур тизимга анча мослашиб қолган.

Бу ўқитувчилар ишини осонлаштириб, тежалган вақтини ўз касбий фаолиятини ривожлантириш ёки ўқувчилар билан қўшимча ишлашга имкон яратади.

Энди ўқувчилар “кундалигим уйда қолибди”, деб баҳона қилолмайди, ўқитувчилар эса кундаликка ўқувчининг дафтари йўқлиги, баҳоси пасайиб бораётгани ҳақида огоҳлантириш хати ёзмайди. Фарзандининг баҳоси ота-онани қониқтирмаса, уларнинг ўзи ўқитувчи билан боғланади. Бу аввало ўзаро масъулиятни оширишга хизмат қилмоқда. Энди «Kundalik» тизими ўқувчилар ва ота-оналар учун туну-кун баҳолар ва уй вазифалари билан танишиш имкониятини бериб, болаларнинг қаердалиги, ўзлаштириш рейтинги ва алоқа учун хавфсиз тармоқ ҳамда бошқа функцияларни ҳам таклиф этмоқда.

eMaktab.uz – ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар учун рақамли таълим платформа бўлиб, тизим педагогларга онлайн режимда автоматлаштирилган тартибда дарс жадваллар, режалар тузиш, журнал ва кундаликнинг электрон шаклларида дарсларга қатнашишни кузатиш ҳамда ўзлаштиришини ҳисоблаш имконини беради. Шунингдек, бу орқали таълим ташкилоти ва таълим органлари учун статистик ҳисоботларни шакллантириш ҳам мумкин.

Ушбу рақамли ўқув платформаси электрон кундалик ва журналнинг барча имкониятларидан фойдаланиш учун қулай. Мактаб ўқувчиларига ўқув материалларини қўшимча равишда ўрганиш, турли фанлар бўйича онлайн машқларни бажариш ҳамда билим ва таълим даражасини оширишга ёрдам беради.

 

М.МАДАМИНОВА, ЎзА