Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида «Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood-2024» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

ЎзА мухбири кўргазма жараёнлари билан танишиб, иштирокчилардан интервью олди.

Сара Цао, Хитойдаги «Shanghai easireal technologies co.ltd» компанияси савдо менежери: 

– Биз Ўзбекистонга имконият излаб келдик. Мақсадимиз «Shanghai easireal technologies co.ltd» компаниямиз фаолиятини янада кенгайтиришдир. Яъни, юртингиздан ҳам ҳамкорлар топиб, бирга ишлаш ниятидамиз.

«Shanghai easireal technologies co.ltd» компанияси 2011 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Компаниямизда асосан мева ва сабзавотлар тайёрлайдиган ускуналар ишлаб чиқарилади. Мақсадимиз ҳар жиҳатдан сифатли ва фойдали маҳсулотларни етказиб беришдир. Муҳими, бизнинг жуда аҳил ва меҳнаткаш жамоамиз бор. Бугунги кунда компания жуда кўплаб давлатларга маҳсулотларини экспорт қилган.

Таъкидлаганимдек, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқчимиз. Шу мақсадда биз мамлакатингизда ўтказилаётган «UzFood-2024» халқаро кўргазмасида қатнашаяпмиз. Иштирокчилар орасида маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдирилмоқда. Бундан биз жуда хурсандмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, кўргазма ташкилотчиларига ўз ташаккуримни айтаман. Негаки, бу ерда иштирокчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Мулоқот ва музокаралар олиб бориш учун алоҳида жойлар ташкил этилган.

Мадина Муҳаммадиева, Тошкентдаги «Equip» компанияси вакили: 

– «UzFood-2024» халқаро кўргазмасининг доимий иштирокчилариданмиз. Шу сабабли, кўплаб маҳаллий ва хорижлик компаниялар фаолиятини яхши биламиз.

Айтиш жоизки, Equip.Uz – Ўзбекистон бозори учун озиқ-овқат ускуналари ишлаб чиқарувчилар ва озиқ-овқат ингредиентларини етказиб берувчиларни бирлаштирган ноёб платформа ва ахборот манбаидир. 10 йилдан ортиқ вақт давомида биз йилига 1 миллион мақсадли фойдаланувчига эга интернет-ресурсни яратдик. Ундан ушбу соҳа вакиллари ўз бизнеслари учун зарур маълумотларни тезда топиш ва алмашиш мумкин.

Шунингдек, порталимизда фойдаланувчиларимиз учун 4000 та етказиб берувчи ва ишлаб чиқарувчилар, 12 000 минг дона ускунадан иборат замонавий маълумотлар базаси мавжуд.

Ускуналар каталоги Equip.Uz порталининг асосий бўлимларидан биридир. Каталог тематик бўлимларга бўлинган бўлиб, саноат ускуналарининг бундай батафсил каталоги Ўзбекистонда ягона десак, тўғри бўлади.

Equip.Uz портали ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасидаги масофани қисқартирадиган ва бизнес соҳаларининг ҳар икки томони – Б2Б ва Б2C учун ўзаро манфаатли ҳамкорлик юзага келадиган платформадир. Корхоналар ва ташкилотлар ўзларининг географик жойлашувидан қатъи назар, бизнес ҳамкори, оптимал етказиб берувчи ёки харидорни танлашда ажойиб имкониятга эга. Фойдаланувчи исталган вақтда порталимизга кириб, керакли маълумотларни билиб, ўзи ва маҳсулоти ҳақидаги маълумотларни жойлаштириши мумкин.

Таъкидлаш керакки, бу гал «UzFood-2024» халқаро кўргазмасида ҳам ўзимизнинг, ҳам Европа давлатлари компанияларининг маҳсулотларини тақдим этаяпмиз. Айни пайтда иштирокчилар билан музокараларимиз қизғин паллага кирди. Бу биз учун кутилаётган яхши натижадир.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.