Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ташувчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, йўлкира ҳақи бўйича тушумларни жамлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларида юридик шахс ташкил этмасдан очилган махсус жамғармалар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тизимига ўтказилади.

Йўлкира тушумларининг тўлиқ йиғилишини таҳлил қилиш, йўловчи ташишни молиялаштиришнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бошқармалари ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Махсус жамғармалар маблағларини бошқариш, йўналишлар ишини таҳлил қилиш ва пул тушумлари мониторинги гуруҳлари» ташкил этилади.

2024 йил 1 июнга қадар жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилади.

2024 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри мунтазам автобус йўналишларида йўловчилар ҳисобини юритиш, ҳайдовчилар ишини ва пул тушумларини назорат қилиш, автобуслар техник ҳолатини мониторинг қилиш, ажратилган йўлакларда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш бўйича жамоат транспортини бошқаришнинг ягона интеллектуал тизими жорий этилади.

Президент қарори билан Нукус шаҳар ва бошқа вилоятлар марказларида мунтазам шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини жорий этишнинг асосий параметрлари ҳам тасдиқланди.

ЎзА