Кейинги ой – апрелда Италиянинг икки шаҳри – Флоренция ва Венецияда “Ўзбекистон: Саҳродаги авангард” кўргазмаси иш бошлайди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мазкур лойиҳа орқали Италия ва умуман жаҳон жамоатчилигига ХХ аср биринчи ярми санъати тарихининг муҳим, аммо бир қадар маълум бўлмаган бобини тақдим этади. Кўргазма икки бўлимга ажратилган ҳолда икки маскан – Венециядаги Ка-Фоскари университети кўргазма майдонида “Шакл ва рамз”, Флоренциянинг Питти саройида эса “Нур ва ранг” номи остида ўтказилади.

Ка-Фоскари университети ҳузуридаги Рус санъати тадқиқоти маркази вакиллари Сильвия Бурини ва Жузеппе Барбьери кураторлик қиладиган кўргазмаларда ХХ аср биринчи ярмида яратилган 172 ранг-тасвир асари ва сурат, шунингдек Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган миллий безак ва амалий санъат буюмлари намойиш этилади.

Жамғармадан маълум қилишларича, мазкур тақдимот юртимизни ХХ аср санъатининг икки энг залворли музейи сара тўпламлари ўртасидаги боғлиқликка урғу берувчи юқори даражадаги илк лойиҳадир.

“Ўзбекистон: Саҳродаги авангард” кўргазмасининг “Нур ва ранг” тақдимоти 2024 йил 16 апрелдан 30 июнгача давом этади. “Шакл ва рамз” лойиҳаси эса 17 апрелдан 29 сентябрга қадар кўргазма майдонида мухлисларни чорлайди.

Б.Худойбердиев, ЎзА