АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитаси раиси Майк Рожерс бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ташриф буюрди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг кенг доираси, хусусан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, давлат бошқаруви шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, хусусий мулк ва хорижий инвесторларни ҳимоя қилиш, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Суҳбат давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида шакллантирилган «Ўзбекистон бўйича Кокус» (дўстлик гуруҳи)нинг ўрни ва фаолияти самарадорлиги таъкидлаб ўтилди.

Иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга таркибига 38 етакчи компания кирадиган Aмерика-Ўзбекистон савдо палатаси салмоқли ҳисса қўшаётгани айтилди. Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатлари йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, бунда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалаларда доимий маслаҳатлашувларни олиб боришга келишиб олинди.

Томонлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга тайёр эканлигини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА