Москвадаги террор ҳаракати туфайли жароҳатланганлар сони 360 нафарга етди.
“РИА Новости” хабарига кўра, терактда айбланаётган 7 нафар тожикистонликнинг қариндошлари сўроқ қилинган. Фаридун Шамсиддиннинг Тожикистондаги уйи муҳрланган. Эмомали Раҳмон жараённи шахсан назоратига олганини маълум қилди.
“Крокус”даги қонли воқеадан сўнг Россияда мигрантларга нисбатан нафрат кучаймоқда. Давлат думасида ўлим жазосини қайтариш муҳокамаси авжига чиққан, фракция етакчилари мораторийни бекор қилиш тарафдори.
– Мораторий бўлмаган тақдирда ҳам террорчиларни ўлимга ҳукм қилиш мумкин эмас, – деди РФ Федерал Кенгаши Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раҳбари Андрей Клишас. – Кремль ҳодисада Украинанинг қўли борлигига ишонмоқда. Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев журналистнинг ҳодисани ИШИД ёки Украина содир этгани билан боғлиқ саволига “Албатта Украина” дея жавоб берган. Расмий Киев бу айбловни кескин рад этмоқда.
Мамлакатда хавфсизлик ва мигрантлар билан боғлиқ текширув кучайган. Бугун, 27 март куни Полиция ва Россия гвардияси “Wildberries”нинг Электросталдаги омборида миграция хизмати ва ходимлар ҳужжатини текширгани акс этган видео лавҳа тарқалди.
“База” хабарига кўра, 20 дан зиёд одам қўлга олинган. Россиянинг кўплаб ҳудудлари айрим йўналишлар бўйича муҳожирлар хизматига чеклов қўйди. Жумладан, Новгород вилояти ҳокимияти патентга эга хорижликларга такси ва автобус ҳайдовчиси сифатида ишлаш, спиртли ичимлик сотишни тақиқлади. Бу чора Россияда яшаш учун рухсатномага эга ёки ҳудудда вақтинчалик рўйхатдан ўтган ишчиларга, шунингдек Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар фуқароларига таъсир қилмайди.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки РФдан чиқиб кетаётган фуқароларимиздан хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўраган.
Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.