Эрдоған – Байден учрашуви 9 майда ўтказилиши режалаштирилган. Ҳукуматга яқин таниқли журналист Ханде Фират маълумотига кўра, Президент Режеп Таййип Эрдоған май ойида расмий ташриф билан Вашингтонга боради.
Икки мамлакат етакчиларининг учрашув куни хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар Жейк Салливан ва Акиф Чағатой Қилич ўртасида кечган музокарада белгилаб олинган, деб ёзди “Hürriyet” газетаси.
***
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Бокуга 4 та қишлоқ қайтарилиши кераклигини маълум қилди. Ўтган жума куни у ҳукмрон “Фуқаролик келишуви” партияси депутатлари билан парламентда ёпиқ тартибда учрашув ўтказган.
Кенгайтирилган тартибда ташкил этилган йиғилишда ҳукуматнинг барча аъзолари иштирок этган, деб ёзди мамлакатда нашр этиладиган “Hraparak” газетаси.
Яқин орада Арманистон қўшинлари Тавуш вилоятидаги тўрт қишлоқдан олиб чиқилишини айтган Пашинян “Қишлоқлар эгасига қайтарилиши мумкин”, дея қўшимча қилган.
***
Туркия куч ишлатар тизимлари мамлакатнинг 30 вилоятида оммавий текширув ўтказди.
Натижада 147 киши ИШИДга алоқаси борлиги гумонланиб, ҳибсга олинди, деди ички ишлар вазири Эрлиқоя.
***
РФ Давлат думаси депутати, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” фракцияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиё мамлакатлари билан визали тартиб ўрнатиш таклифини илгари сурди.
– Миграцияни мувофиқлаштириш ва террор хуружига қарши туриш учун шундай қилинмаса, чегарада тартиб бўлмайди, – дея таъкидлаган мулозим.
***
ХХР Янги Зеландия парламенти серверига кибер ҳужум уюштирмаган, дея баёнот берди Хитойнинг Веллингтондаги элчиси.
Аввалроқ Янги Зеландия ҳукумат алоқалари хавфсизлик хизмати (GSCB) ХХР хакерларини 2021 йил мамлакат парламенти серверига кенг кўламли кибер ҳужум уюштирганликда айблаган эди.
Ташқи ишлар вазири Уинстон Питерс баёнотида хориждан туриб аралашувларга йўл қўйиб бўлмаслиги эслатилиб, Хитой келгусида бундай ҳаракатдан тийилишга чақирилган.
***
Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлайди, чунки бу ЕИ манфаатига жавоб беради, деди Евродипломатия раҳбари Жозеп Боррель CNN телеканалига берган интервьюсида.
– Гап нафақат ҳотамтойликда, гап Украинани қўллаб-қувватлашда ҳам эмас, бу ишни фақат украин халқини севганимиздан қилаётганимиз йўқ, – деган у. – Айни жараёнда, аввало, ўз манфаатимиз ўртага чиққан. Бу глобал ўйинчи сифатида АҚШ манфаати учун ҳам зарур.
***
Венесуэла Президенти Николас Мадурога суиқасд қилишни режалаштирганлар Каракасда давлат раҳбари қатнашаётган тадбирда қўлга олинди.
– Бугун бу ерда менга ҳужум уюштирмоқчи бўлган икки қуролланган кимса қўлга олинди, – деди Мадуро Диего Ибарра майдонидаги митингда. – Улар ўнг партия – “Vente Venezuela” аъзолари экан.
***
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Қонуний БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қабул қилган резолюцияни ижобий қадам, лекин етарлича эмас, дея баҳолади.
Қонуний таъкидлашича, ҳужжатни қабул қилишдан кўра, “ҳаётга жорий қилиш учун самарали чора кўриш, Исроил амалга ошираётган ҳужумни тўлиқ ва барқарор тўхтатиш, қамални бутунлай бекор қилиш, гуманитар юкларни етказиш ҳамда Ғазо инфратузилмасини қайта тиклаш учун халқаро молиялаштириш йўлакларини очиш” муҳимроқ.
***
Жозеп Боррель CNN телеканали эфирида чиқиш қилиб, ЕИга аъзо 27 мамлакат қуролли кучларини қайта шакллантириб, умумий армия ташкил этиш амалга ошириб бўлмайдиган ғоя, деди.
– Ягона армия яратиш учун 27 мустақил армиядан воз кечиш хаёлпарастликдан бошқа нарса эмас, – деди у.
Январь ойида Италия Бош вазири биринчи ўринбосари, мамлакат ташқи ишлар вазири Антонио Таяни ЕИ тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун ягона Қуролли Кучларини ташкил этиши керак, деган эди.
***
“Крокус Сити Холл”га ҳужумни радикал исломчилар уюштирган, бироқ Москвани буюртмачи кимлиги қизиқтиради, деди РФ Президенти Владимир Путин терактдан кейин қабул қилинган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган мажлисда.
– Жиноят радикал исломчилар қўли билан амалга оширилганини биламиз, – деди у. – Бу мафкурага қарши, ҳатто, мусулмон дунёсининг ўзи ҳам узоқ вақтдан буён курашиб келмоқда. Бизни эса ким буюртма бергани қизиқтиради.
***
Душанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Рамазон ойида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида қабул қилинган резолюция албатта ижро этилиши керак, деб баёнот берди БМТ Бош котиби расмий вакили Фархон Ҳақ.
– БМТ ХКнинг ҳар қандай резолюцияси мазмуни халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ ҳисобланади, – дея таъкидлади у. – Мазкур резолюция ҳам халқаро ҳуқуқ кучига эга барча ҳужжатлар каби ижро этилиши шарт.
С.Раҳимов, ЎзА