Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирган эди.

Швейцариянинг Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ) бош котиби Мартин Чунгонг ва Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева ўртасида ПИнинг 150-юбилей ассамблеясини 2025 йил Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги битим имзоланди.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг фаол ва прагматик ташқи сиёсати туфайли мамлакатимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига ва глобал ташаббуслар муаллифига айланмоқда.

Бу жараёнда мамлакат парламенти ҳам фаол иштирок этаётир. Хусусан, йирик халқаро парламент тузилмаларининг тўлақонли аъзоси сифатида нуфузли анжуманларга мезбонлик қилиб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

ПИ билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган Халқаро парламент форуми ҳамда Тошкент шаҳрида ПИга аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммитининг муваффақиятли ўтказилгани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Жаҳондаги 180 мамлакат парламентини бирлаштирган ушбу нуфузли тузилма ўзининг юқори органи ассамблеяни парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси мавжуд бўлган мамлакатларда ўтказади.

Ассамблеянинг илк бор Марказий Осиё минтақасида, Ўзбекистонда ўтказилиши эса Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини тасдиқлайди.

ПИнинг навбатдаги ассамблеясида парламентлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон парламенти фаолияти билан танишиш кўзда тутилган.

Ассамблея 2030 йилгача бўлган стратегияни амалга оширишда парламентларнинг иштирокини кенгайтириш, БРМга эришиш, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашда парламентлар ҳамкорлигини кўриб чиқишда муҳим платформа бўлади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА