Маълумки, давлат раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳага тегишли бир қанча вазифалар белгилаб берилди.

АОКА да Статистика агентлиги мутасаддилари иштирокида  ташкил этилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, келгусида  статистика маълумотларини халқаро ГСБПМ модели асосида шакллантирилиши йўлга қўйилади, расмий статистикани тайёрловчиларнинг ҳар бирида расмий статистикада сифат ва тарқатиш сиёсатлари ишлаб чиқилади ҳамда халқаро экспертларни кенг жалб этган ҳолда миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш ташкил этилади.  Шу билан бирга, соҳага аутсорсинг тизимини жорий этиш мақсадида, статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.

Шунингдек,  тизимда интеграция жараёнлари тубдан яхшиланади. Жумладан, “Статистика” интеграллашган ахборот тизимини 6 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимидаги маълумотларга ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимининг Идоралараро ахборот платформасига интеграция қилиш ташкил этилади. Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг Статистика агентлиги маълумотларидан қониқиш даражасини аниқлаш ва ошириб бориш мақсадида, агентлик томонидан “Расмий статистика маълумотларига бўлган ишонч индекси” услубияти ишлаб чиқилади ҳамда 2025 йилдан бошлаб, ҳар йили фойдаланувчилар ўртасида сўровлар ўтказилиб, натижаси эълон қилиб борилади.

Қайд этилишича, расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Статистика агентлигининг 2024-2025 йилларда эришиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) белгилаб қўйилди.

Тадбирда таъкидланишича, Статистика ишлари дастурига мувофиқ, ўтган 2023 йилда жами 3 минг 302 та статистика иши белгиланган муддатда ва тўлиқ ҳажмда бажарилган. Статистика агентлиги томонидан шакллантириладиган расмий статистика маълумотлари йўналишида умумий ҳисобда 1 минг 439 та, жумладан макроиқтисодий кўрсаткич ва баланс 500 та, иқтисодиёт тармоқларининг кўрсаткичи 604 та, ижтимоий соҳанинг кўрсаткичи 183 та, корхона ва ташкилотлар ягона давлат регистри  152 тадан ташкил топган. 46 та халқаро саволнома бўйича очиқ статистика маълумотларининг алмашинуви таъминланган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА