Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент шаҳрида “Тошкент Инвест компанияси” акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида жойлашган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Компания томонидан энг яхши таклифни танлаш йўли билан жалб этилган баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган баҳода Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан электрон аукцион савдоларига чиқарилади, мазкур қарорда белгиланган ҳоллар ҳамда Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги ер участкаларини сотиш бундан мустасно.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги Тошкент шаҳри туманлари билан биргаликда қарорда келтирилган ер участкалари бўйича:

2024 йил 1 апрелга қадар мастер-режалар ишлаб чиқилишини;

2024 йил 15 апрелга қадар “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли ташкилотлар билан келишилишини;

2024 йил 1 майга қадар баҳолаш ишларини якунлаб, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминлайди.

Қарор билан Тошкент шаҳрида жорий этилган ҳуқуқий эксперимент доирасида:

Ер участкалари негизида “Тошкент Инвест компанияси” акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;

Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низом;

Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича тўлов қийматига киритиш тартиби тўғрисидаги низом;

Тошкент шаҳрида реновация лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом, шунингдек, 2024-2025 йилларда Тошкент шаҳрида соддалаштирилган тартибда амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

 

ЎзА