Москванинг “Крокус” концерт залига уюштирилган террор хуружи Париж Олимпиадаси хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирни кучайтирмоқда.

Маҳаллий матбуот ёзишича, Россияда юз берган фожиада 139 киши ҳалок бўлиши, 182 нафар инсон жароҳатланиши Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкинлиги Президент Эммануэль Макроннинг журналистлар билан учрашувида муҳокама қилинди.

Макрон мулоқот чоғи Францияда умуминсоний қадриятлар ҳимоя қилинишини билдириб, Олимпия ўйинларини ҳар жиҳатдан хавфсиз ўтказиш муҳимлиги, мамлакатда самарали разведка тизими мавжудлиги, фитналарнинг олдини олишда айни ҳолат муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

Ички ишлар вазирлиги “Олимпиада хавфсизлигига тайёр”лигини кўрсатиш учун бир неча масалани илгари сурди.

Макрон баёноти ортидан Франция Разведка хизмати раҳбарлари Москвага қилинган ҳужум хулосаларини таҳлил қилди. Бош вазир Габриель Аттал Олимпия ўйинлари даврида мамлакат бўйлаб яна 4 минг аскар жойлаштирилиши, жорий йил террор билан боғлиқ икки фитнанинг олди олинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2017 йилдан буён Францияда 45 та терактнинг олди олинган.

Т.Рўзиев,

ЎзА