Хитой футбол ассоциацияси (ХФА) собиқ президенти Чэнь Сююань 11 миллион доллар пора олгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар бермоқда давлат ОАВ.
Айтилишича, яна бир неча спорт амалдори коррупцияда айбланиб қамалган. Хитойнинг амалдаги раҳбарияти даврида коррупцияга қарши кенг кўламли кампания йўлга қўйилган. Мамлакатда спортида коррупция кенг илдиз отиши спорт саноати, айниқса футбол ривожига жиддий зарба берди.
Чэнь Сююань ХФА ва бошқа идоралардаги мансаб ваколатидан фойдаланиб, “бошқалардан умумий қиймати 81,03 миллион юань миқдоридаги пулни ноқонуний қабул қилган”, деб ёзди Коммунистик партия нашри “Peopleʼs Daily” газетаси.
Мазкур жараён ХФАнинг 10 нафар расмийси, жумладан миллий терма жамоа собиқ бош мураббийи Ли Тени ҳам четлаб ўтмади. Юқори лавозимли ходим Чэнь Юнлян ва Суперлига собиқ бош директори Дун Чжэн 14, мамлакат енгил атлетика ассоциацияси собиқ президенти Юй Хунчэнь 13 йиллик қамоққа ҳукм қилинган.
Т.Рўзиев,
ЎзА