Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов фикрича, “Крокус сити холл”да содир этилган фожиа террорга қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
– Бутун Россия халқи чуқур қайғуда, – деди элчи. – Ғайриинсоний, ваҳший террор соғлом фикрли барча инсонлар қалбини яралади. Ўзбекистонда биз бутун халқнинг ушбу машъум фожиага муносабатини кўрдик. Президент Шавкат Мирзиёев Россия Президентига биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирди. Элчихонага келиб ёки мактуб орқали, оддий сўз билан эмас, балки чинакам, самимий ҳамдардлик изҳорини билдирган ҳукумат вакилларига ҳам миннатдорлик билдирамиз. Халқнинг қайғусини енгиллаштириш, жабрланганлар соғайиб кетишига кўмаклашиш учун Россия олдида ҳали кўп иш турибди. Умид қиламизки, яқин келажакда ҳамкорлигимиз янада ривожланади. Президент Шавкат Мирзиёевга, барча давлат ҳокимияти вакилларига, оғир ва қайғули ушбу лаҳзада бизга елкадош бўлган барча ўзбекистонликларга яна бир бор миннатдорлик изҳори ила самимий тилакларимни йўллайман.
ЎзА