Шу кунларда Хитой давлатининг Урумчи шаҳрида бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси навбатдаги халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Йиғинда терма жамоамизнинг Фарзона Фозилова, Феруза Казакова, Гулсевар Ғаниева, Нигина Ўктамова, Ситора Турдибекова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Хадичабону Абдуллаева, Моҳинабону Абдуллаева, Айсанем Саруарова, Навбаҳор Ҳамидова, Олтиной Сотимбоева ҳамда Диёрахон Абдуманнобова каби аъзолари иштирок этмоқда. Уларга Элшод Расулов, Нодирбек Айсахўжаев, Шукурулло Вапаев ва Ислом Тожибоев мураббийлик қилмоқда.

ЎзА мухбири бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи Элшод Расулов билан мазкур йиғин, олдинда турган мусобақаларга тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди.

– Элшод ака, мазкур йиғиндан кўзланган асосий мақсад нима ва йиғин қандай ўтмоқда?

– Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 май-5 июнь кунлари Таиландда Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи лицензион турнир бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада муносиб иштирок этиш, олдинда турган нуфузли турнирлар ҳамда «Париж-2024» Олимпия ўйинлари учун тайёрлов босқичи ҳисобланади. Мазкур спорт тадбирлари олдидан спортчиларимиз ҳолатини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилди. Йиғин аъло даражада ўтмоқда. Айниқса, шароит жиҳатдан барчаси яхши ва бу шогирдларимнинг ҳам кайфиятини кўтармоқда. Машғулотларда спортчиларимиз ҳамма кўрсатмаларимизни астойдил қилмоқда.

– Халқаро йиғин учун нега айнан Хитой танланди ва ушбу йиғинда яна қайси терма жамоалар иштирок этмоқда.

– Ҳозирги кунда Хитойда аёллар бокси жадал ривожланмоқда ва шунинг билан бирга ушбу мамлакат терма жамоаси дунёда энг юқори ўринларда турибди. Шу боисдан биз мазкур давлатда йиғин ўтказишни истадик. Бу ерда терма жамоамиз билан биргаликда Хитой ва Қозоғистон терма жамоалари ҳам машғулотлар ўтказмоқда. Учта терма жамоа аъзолари машғулотлар давомида ўзаро тажриба алмашмоқда. Ўйлайманки, ушбу йиғиндан тўпланган тажрибалар олдида турган нуфузли мусобақаларда ўз самарасини беради.

– Таиланддаги мусобақа ҳақида тўхталиб ўтсангиз ва ушбу мусобақага қадар яна ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиладими?

– Таиланддаги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақага қадар Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» базасида яна икки босқичли ўқув-машғулот йиғинини ўтказамиз. Бу федерациямиз томонидан тизимли равишда ташкил этилади. Лицензион мусобақада 4 вазнда шогирдларим йўлланмалар учун рингга кўтарилади. Умид қиламанки, ушбу мақсадимиз амалга ошади. Дарвоқе, ҳозирда «Париж-2024» Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритган Нигина Ўктамова, Сабина Бобоқулова каби спортчиларимиз ҳам белгиланган тартибда машқларни давом эттирмоқда.

– Айтингчи, ташкил этилаётган халқаро ва маҳаллий йиғинлар, турнирлардаги иштирок учун яратилаётган шароитлар қай даражада?

– Мазкур йиғинлар ва мусобақалар учун биз спортчи ҳамда мураббийларга Ўзбекистон бокс федерацияси, спортимиз мутасаддилари томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир мусобақа олдидан икки ва уч босқичли халқаро ва маҳаллий йиғинлар ташкил этилмоқда. Сўнгра халқаро турнирларда иштирок этиш борасидаги барча ишлар тизимли тарзда яратилмоқда. Улардаги шароитлар ҳақида тўхталиб ўтсам, меҳмонхоналар, овқатланиш, спортчилар учун керакли спорт анжомлари, либослар, витамин ва керакли дорилар, допинг назорати юқори савияда бўлмоқда.

 

ЎзА мухбири Жавоҳир Тошхўжаев суҳбатлашди