Женева конференциясида иқлим ўзгаришига қарши курашиш масаласи кўриб чиқилди

Ўзбекистон Сенати раиси мазкур нуфузли анжуманда жаҳон мамлакатлари парламентларини инсон омилининг сайёрамизга салбий таъсирини имкон қадар камайтириш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди.
Женева шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг “Иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламент фаолиятини кучайтириш” мавзусидаги учинчи конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам иштирок этди.
Дунё парламентлари ва халқаро тузилмалардан 53 делегация ҳозир бўлган анжуманда иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қатор стратегия ва ёндашувлар муҳокама қилинди.
Анжуманда иқлим ўзгариши жамоавий ҳаракатларни талаб қиладиган замонамизнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолаётгани, бугун қабул қилинадиган қарорлар келажак авлодларга узоқ муддат таъсир кўрсатиши айтиб ўтилди.
Иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, барқарор экологик сиёсат соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган намунавий қонунларни ишлаб чиқиш бўйича парламентларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Конференцияда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева жаҳон мамлакатлари парламентлари инсон омилининг сайёрамизга салбий таъсирини имкон қадар камайтириш бўйича шошилинч чоралар кўриш учун масъулиятни ўз зиммасига олиши зарурлигини таъкидлади.
Экологик муаммоларни ҳал қилишда парламентлардан талаб этиладиган зарур жиҳатлар санаб ўтилди. Экология ва иқлим ўзгариши соҳасига доир қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш бўйича мамлакатлар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал ўртача ҳароратнинг ўсишини Цельсий бўйича 2 даражадан паст даражада ушлаб туришга эришиш ва Париж битимини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир.
Т.Норбоева иштирокчилар эътиборини “яшил” технологиялар ва тегишли инфратузилмага инвестициялар киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигига қаратди.
Конференцияда Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғи Бюроси ва доимий комиссияларини шакллантириш, шунингдек, халқаро ташкилотларга Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғи ҳузурида кузатувчи мақоми бериш тўғрисидаги ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди.
Тадбир якунида кўриб чиқилган масалаларни сарҳисоб қилган ҳолда Женева декларацияси қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА