Тошкентда “UzFood-2024” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида ўз ишини бошлаган “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood-2024” халқаро кўргазмасининг биринчи кунги тадбирлари ўтказилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган ушбу намойишда 26 мамлакатдан 370 дан ортиқ компания томонидан озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати, қадоқлаш ва сақлаш учун энг янги ускуналар ва технологиялар, озиқ-овқат ва ичимликларнинг кенг ассортименти тақдим этилмоқда.
Ушбу кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад юртимизда амалга оширилаётган давлат дастурлари ижросини таъминлашдир. Яъни, бу аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш билан боғлиқ.
– Биз Тошкентда “Мевали чой” бренди асосида чой ишлаб чиқарамиз. Шу сабабли, бугунги кўргазма жараёнлари билан танишиш биз учун жуда фойдали. Бу гал Хитой компанияларидан аксарияти чой маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Биз учун бу айни муддао бўлди. Чунки шу йўналишда имкониятларимизни кенгайтириш ниятидамиз. Кўплаб компания вакиллари билан мулоқот қилдик. Музокаралар олиб бордик. Энди натижаларига қараб, ҳамкорликни йўлга қўямиз, –деди Маҳмуд Зуфаров.
Қайд этиш керакки, ушбу намойишда Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Италия, Австрия, Шри-Ланка каби давлатлар компаниялари жамоавий тарзда қатнашади. Бунда Хитой ва Туркия компанияларининг кенг иштирокини таъкидлаб ўтиш лозим.
Хитойдаги “Sichuan Baiyue Tea Industry Co., Ltd.” компаниясининг бош директори ўринбосари Сюэ Ининг қайд этишича, кўргазмада иштирок этиш ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ишлаш имкониятини яратади.
– Компаниямиз ўзининг кенг кўламли фаолияти билан ички ва ташқи бозорда ўз ўрнига эга. Биз чой етиштирамиз ва уни қадоқлаб, харидорларга етказиб берамиз. Биз ишлаб чиқараётган 708 ва 707 қадоқ рақамли чойларимиз дунёда машҳур. Юртингизда ташкил этилган ушбу кўргазмадан умидимиз катта, – деди Хуе Йи.
Кўргазма 28 март куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА