Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бокс бўйича «Буюк Ипак йўли-2024» халқаро турнирининг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар вакили рингга чиқиб, уларнинг 7 нафари кейинги босқичга йўл олди.
Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпиони Баҳодир Жалолов вазни 92 килограммдан оғир бўлган боксчилар баҳсида россиялик Рамазан Карнукаевга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ушбу вазндаги иккинчи чарм қўлқоп устамиз Жаҳонгир Зокиров мезбонлар вакили Маҳаммад Абдуллаев устидан техник ғалаба қозонди. 75 килограммгача вазн тоифасидаги беллашувларнинг ушбу босқичида икки нафар вакилимиз Алишер Аюбов ва Жавоҳир Умматалиев ўзаро тўқнашди. Унда Жавоҳирнинг қўли баланд келди. Мазкур вазн тоифасидаги учинчи спортчимиз Саиджамшид Жафаров эса россиялик Сергей Сергеевни 5:0 ҳисобида таслим қилди.
Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Шаҳина Неъматова, Шавкатжон Болтаев, Раҳматилла Бойматов ва Фазлиддин Эркинбоев каби боксчиларимиз ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА