Нью-Йорк суди Трамп, унинг ўғиллари ва бизнес ҳамкорларини Майамида гольф курорти ҳамда Вашингтон ва Чикагода меҳмонхоналар қуриш учун кредит олиш мақсадида ўн йил давомида активлари қийматини 812 миллион доллардан 2,2 миллиард долларгача оширганликда айблаган. Февраль ойида Трампга “Trump Organization” компанияси активини сохта баҳолаш айби қўйилди ва қарийб 355 миллион доллар жарима солди. Кейинчалик жариманинг умумий миқдори фоизи билан 454 миллион долларга кўтарилди. Бундан ташқари республикачи собиқ президентга уч йил давомида “Нью-Йорк штатида корпорация ходими ёки директори бўлиб ишлаш, молия муассасасидан кредит олиш тақиқланди.

Трамп айтишича, рақиблари уни сайлов олди кампанияси учун мўлжалланган маблағдан маҳрум қилишга ҳаракат қилмоқда.

Дональд Трамп суд қарори устидан шикоят қилади, албатта. Бунинг учун ярим миллиард долларга яқин гаров пули тўлаши керак. Демак, у ўзига қадрли бўлган активларини сотишга мажбур бўлмоқда.

– Ҳеч қандай жарима бўлмаслиги керак, мен нотўғри иш қилмаганман, – деб ёзди Трамп “Truth Social” ижтимоий тармоғида. – Нега мен активимни сотишга мажбур бўляпман, чунки Нью-Йоркнинг коррупцияга ботган судьяси ва бош прокурори ўзлари ўйлаб топган ва кулгили рақамни белгилади.

“Пулини олиб қўйинг, шунда у сиёсий рақиби – ўғри Жо Байденни енгиш учун маблағидан фойдалана олмайди.”

– Бу фикр сайловга аралашувни англатади, – қўшимча қилди Трамп.

Собиқ президент ҳимоячилари аввалроқ активлар қиймати ошириб юборилган қарор устидан душанбагача шикоят қилиш учун 464 миллион доллар гаров пули топа олмаганини тан олди. Муаммо ҳал этилмаса, Трамп ўзи қадрлайдиган ва фахрланиб юрадиган кўчмас мулкларини сотишга мажбур бўлади ёки прокуратуранинг ўзи гаров пулига тенг жаримани тўлаттириб олиш учун унинг активларини ҳибсга олишни бошлайди.

С.Раҳимов,

ЎзА