Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Рамазон ойида Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция лойиҳасини қабул қилди.

Ҳужжатни 14 давлат ёқлади, фақат АҚШ бетараф қолди. Узоқ давом этган музокарадан сўнг “доимий ўт очишни тўхтатиш” ибораси келишиб олинди. Охирги дақиқада Қўшма Штатлар делегацияси матндаги “доимий” сўзини “ноаниқ” сўзи билан алмаштиришни сўради. Тахминга кўра, АҚШ шу йўл билан ўт очишни тўхтатиш жараёнига мослашувчанликни ифодалаган. Россия томонидан таклиф қилинган, овоз беришдан олдин матнни асл шаклига ўзгартирган тузатишга Қўшма Штатлар вето қўйди. Шу тариқа ўтган йил 7 октябрдан буён Кенгаш илк бор расман Ғазода ўт очишни тўхтатиш талабини қўйди.

Рамазондаги сулҳ доимий тус олиши керак

Резолюцияда БМТ ХК Фаластин масаласида шу пайтгача қабул қилган ҳужжатлар эслатилиб, барча томонлар халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқи қоидасига риоя қилиши шартлиги таъкидланган. Бегуноҳ аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужум, ҳар қандай террор ҳаракати қораланган, асирга олиш халқаро ҳуқуқ меъёри бузилиши экани қайд этилган.

Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазиятдан чуқур хавотир билдирилган, Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар томонидан олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракат юқори баҳоланган.

“Рамазон ойида зудлик билан барча томонлар томонидан ҳурмат қилинадиган, мунтазамлик ва барқарорлик касб этадиган ўт очишни тўхтатишга, шунингдек барча гаровга олинганларни дарҳол ва сўзсиз озод қилишга” чақирилиб, инсонпарварлик ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш таъминланиши талаб қилинган.

Ушбу ҳужжат томонларни асирга олинганларга нисбатан халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятни қатъий бажаришга чақиради.

Резолюцияда Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни зудлик билан амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган, оддий аҳоли ҳимояси йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш, уларга зарур инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш талаб этилган. Вазият яқиндан кузатилиши таъкидланган.

АҚШ резолюцияси лойиҳаси

20 февраль куни тақдим этилган АҚШ резолюцияси лойиҳаси 22 март куни овозга қўйилди. Хитой ва Россия рад этган лойиҳа музокара учун очилди. Матнда Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш секторда гаровга олинганларни озод қилиш билан боғланган, дипломатияни қўллаб-қувватлашга чақирилган.

Дипломатик саъй-ҳаракат орқали эришилиши керак бўлган сулҳни барқарор ўт очишни тўхтатишга айлантириш муҳимлиги таъкидланиб, “ХАМАС ва бошқа террорчи, экстремистик гуруҳлар Фаластин халқини ифодаламайди”, ХАМАС баъзи аъзо давлатлар томонидан “террор ташкилоти сифатида тан олинган” дейилади.

М.Пирматова, ЎзА