92 нафар миллиардери бор Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳри Осиёнинг янги “бой пойтахти”га айланди.
“Nikkei Asia” ахборот агентлиги Шанхайда жойлашган Хурун тадқиқот институти маълумотига таяниб эълон қилган ҳисоботда Мумбай Пекинни ортда қолдириб, сариқ қитъадаги энг кўп миллиардер яшайдиган шаҳар номига сазовор бўлди.
Нашр Нью-Йоркда 119, Лондонда 97 нафар миллиардер қайд этилганини ҳам келтирган.
Маълум қилинишича, 2023 йил Мумбай иқтисодиёти 7,5 фоиз ўсган.
Мамлакатлар бўйича қиёсланганда, Хитой 814 миллиардер билан рўйхатни бошқаряпти, Қўшма Штатлар 800 нафар бадавлат киши билан иккинчи ўринда.
АҚШ иқтисодиётида сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳалари етакчилик қилмоқда. Масалан, чип ишлаб чиқарувчи “Nvidia” бош директори Женсен Хуанг 48 миллиард доллар маблағи билан бойлар рўйхати сара 30 талигига кирди. “Google”, “Meta” ва “Microsoft” эгаларининг бойлигида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Дарвоқе, америкалик қўшиқчи Тейлор Свифтнинг бойлиги 1,2 миллиард доллар кўпайгани ҳам эътиборга молик.