Американинг Флорида штати губернатори Рон Десантис 14 ёшгача бўлган болалар ижтимоий тармоқда аккаунт очишини тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда маъмурият матбуот хизмати маълум қилди.

Десантис фикрича, янги тартиб ота-оналарга болаларини зарар келтирувчи контентдан самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради. Расмий хабарда ҳозирча фақат бир штат чегарасида жорий қилинган бундай қонун қандай ижро этилиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Шунингдек, ҳукумат верификация қилишнинг қайси механизмини қўллаши, 14 ёшдан кичиклар мавжуд аккаунтини ўчириши кераклиги хусусида ҳам ҳеч қандай тушунтириш бермаган.