Наврўз байрами ҳамда муборак Рамазон ойи кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Телемарказ ҳамда Саманбай маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги вакиллари сўзга чиқиб, маҳаллалар аҳолисини байрам ҳамда янги очилган бино билан табриклади.

Таъкидланганидек. сўнгги йилларда мамлакатимизда ¬Президентимиз раҳбарлигида аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фуқаролар мурожаатлари билан самарали ишлаш, одамларни ҳаётидан рози қилиш, жойлардаги муаммоларни ижобий ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аввало, маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият олиб бориши учун зарур шароитларни яратиш давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда.

– Шу кунгача 15-умумтаълим мактаби биносида фаолият олиб бордик, – дейди Саманбай овул фуқаролар йиғини раиси Шаряр Нуримбетов. – Касб байрамимиз ҳамда Наврўз байрами шодиёналари кунларида янги бино фойдаланишга топширилди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. Янги бинода фуқароларни қабул қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш, “маҳалла еттилиги”нинг самарали фаолият олиб бориши учун барча шароит яратилган.

Тадбир иштирокчилари янги бинода ходимлар ҳамда фуқаролар учун яратилган имкониятлар билан танишди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири