Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “NavrUz” этнофестивали бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм бошқармаси ташаббуси билан 2019 йилдан буён ўтказилиб келинаётган фестиваль доирасида туманнинг бугунги кундаги туристик имконияти, жумладан, этнотуризм йўналишини кенг тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир иштирокчилари ҳудуднинг бир қатор туристик объектларига бўлди.
Туман марказида фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларга “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида концерт дастури намойиш этилди. Унда таниқли санъаткорлар, туман маданият бўлими ходимлари, 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоаси томонидан ижро этилган турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари, қиз-йигитлар айтишуви, саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.
Фестиваль халқ сайли билан давом этди. Аҳолига, байрам тадбирига ташриф буюрган хорижлик сайёҳларга ва меҳмонларга туманда истиқомат қилувчи қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман ва бошқа миллат вакилларининг миллий урф-одат ва дастурларини намоён этувчи концерт томошалари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар ва миллий таомлар кўргазмалари, миллий халқ ўйинлари томошалари намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, этнофестивалда иштирок этувчи сайёҳларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу йилги фестивалда Англия, Италия, Франция, Польша, Германия, Хитой ва бошқа давлатлардан 50 нафарга яқин сайёҳ, 30 нафарга яқин маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакили ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда туман ҳокими Б.Менглибеков амалга оширилаётган ишлар ҳамда жорий йилда режалаштирилган тадбирлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири