Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида хусусий ― “МУЗА” театрининг очилиш маросими ҳамда жамоанинг дастлабки “Қиймайман” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Унда соҳа нуронийлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Б.Темирбаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Н.Ансатбаев, Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Даулетназаров ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани янги театрнинг очилиши билан қутлади ва жамоага ижодий парвоз тилади.
Таъкидланганидек, халқаро театрлар куни арафасида Қорақалпоғистон Республикасида дастлабки хусусий ― “МУЗА” театри фаолиятини бошлагани томошабинлар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди. Хусусий театрнинг дастлабки ижод маҳсули рус драматурги А.Володин қаламига мансуб “Қиймайман” спектакли ёш режиссёр Султанбек Қаллибеков томонидан саҳналаштирилди.
Оила муқаддас. Ҳар бир оила – кичик жамият. Шунинг учун ҳам оилавий ажримларнинг кўпайиши – жамият фожиаси. Уни сақлаб қолиш эса оилада эр-хотиннинг бир-бирини яхши тушуниши, ишонч ва муҳаббатига боғлиқ. Оила инсоннинг суянчи саналувчи муқаддас даргоҳ бўлса-да, баъзи ёш жуфтликлар арзимас сабаблар билан ўз оилавий муносабатларини сақлаб қола олмайди. Театрнинг дастлабки спектакли айнан оила мавзусига бағишланади.
Бугунги кунда Нукус шаҳрида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри ҳамда Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг сафига “МУЗА” хусусий театри қўшилди. Янги театр жамоасининг келгуси ижодий ишларида муваффақиятлар тилаймиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари