Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги айни кунларда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари асосида янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари жадал равишда олиб борилаётган “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!» шиори остида «Уч авлод учрашуви» маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.

Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Мулоқот давомида ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди. Бунёдкорлик ишларига томошабин эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик билан яшаш ёшларнинг бурчидир.

Тадбир доирасида қатор маданий ва маърифий тадбирлар,  шу жумладан, спорт ўйинлари, қўчқор уриштириш, арқон тортиш, миллий таомлар ва либослар кўргазмаларининг ташкил қилиниши учрашувга яна ҳам файз киритди. Унда фаол иштирок этган соҳа вакилларига,  ёшларга намуна бўлаётган нуронийларга эсдалик совғалари  топширилди. Таниқли санъаткорлар томонидан ижро қилинган куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири