Нукусда Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда фуқаролар йиғинлари фаоллари, раислари, нуронийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб. Маҳалла тизими ходимларини касб байрами, шунингдек, умумхалқ Наврўз байрами ҳамда эзгулик ва меҳр-мурувват тимсоли бўлган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгиланиб,   Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини ошириш борасидаги ташаббуслар илгари сурилиб, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса маҳалланинг халқчил тузилмага айланишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан  аҳоли фаровонлигини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилди. “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари асосида ўтган йилда Аспантай (Бўзатов), Кердер (Нукус тумани), Қаватқалъа (Элликқалъа), Найман (Беруний) Раўшан (Қўнғирот) ва Жайҳун (Тахиатош) маҳаллаларида 11 миллиард сўмлик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, Элликқалъа туманидаги Ифтихор, Амударё туманидаги Уйшин, Қонликўл туманидаги Бешкўпир, Хўжайли туманидаги Мустақиллиқ, Чимбой туманидаги Пашент таў маҳаллаларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида илк маротаба “Намунали кўчабошилари” кўрик-танловини ўтказиш режалаштирилмоқда. Ундан кўзланган мақсад  аҳолининг турмуш даражасини, маданиятини, маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни тиклаш ҳисобланади.

Байрам арафасида давлатимиз раҳбарининг фармони билан мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, жамиятимизда маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллабай ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш борасидаги катта хизматлари учун бир гуруҳ соҳа фидоийлари мукофотланди. Жумладан, Мўйноқ туманидаги “Учсой” овул фуқаролар йиғини раиси Амангелди Жакетов “Дўстлик” ордени, Тахтакўпир туманидаги “Мақпалкўл” оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Бахаргул Сейтжанова “Соғлом турмуш” медали, Амударё туманидаги “Brighton School” ўқув маркази директори Нурбек Жуманиёзов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Тадбирда ушбу орден ва медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, соҳа фидойиларидан бир гуруҳи Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан кўкрак-нишонлари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

–Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда Оролбўйида, шу жумладан, Мўйноқ туманимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Учсой” овул фуқаролар йиғини раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Амангелди Жакетов. – Камтарона хизматимни давлат мукофотига муносиб кўргани учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.

Тадбир иштирокчиларига бағишлаб санъат усталарининг байрам концерт дастури намойиш  этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат),

ЎзА мухбирлари