“Театр томошалари ҳафталиги» доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги театрларда “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг маълум қилишича, 21–27 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида барча театрларда ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ҳамда спектакль ва театрлаштирилган концерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ч.Айтматовнинг “Жамила”, Уйғуннинг “Абу Райҳон Беруний”, А.Қодирийнинг “Анвар ва Раъно” драмалари, К.Рахмановнинг “Инжиқнинг муҳаббати” спектакли, симфоник оркестрнинг “Сиз севган мусиқалар”, театр хор жамоасининг “Баҳор оҳанглари” концерт дастурлари томошабинларга ҳавола этилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида А.Пушкиннинг “Лўлилар” поэмаси асосида саҳналаштирилган “Алеко”, М.Авезовнинг “Қоракўз”, Ш.Перронинг “Этик кийган мушук”, К.Гольдонининг “Икки бойга бир малай”, Қ.Иманалиевнинг “Қорқит ота”, П.Айтмуратовнинг “Буюк ипак йўли”, Т.Миннуллиннинг “Бир қизга тўрт ошиқ”, Д.Дарушованинг “Эркабойнинг найранглари” спектакллари, театр рассомлари Т.Шардеметов ва С.Даулетовларнинг ижодий ишлари намойиш этилмоқда. Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри шу кунларда жажжи томошабинлар билан гавжум бўлмоқда. Уларга театр жамоаси томонидан “Хўш келдинг, баҳорим, хўш келдинг, Наврўз” театрлаштирилган байрам томошалари, М.Бегимовнинг “Қушларни кутган болалар”, “Чопон афсонаси” ва бошқада спектакллар тақдим этилиб, ёш рассомлар ўртасида “Менинг қаҳрамонларим” танлови ўтказилди.
Театрларда ҳафталик доирасида ташкил этилаётган барча тадбирлар аҳолига бепул намойиш этилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири