ФОТОРЕПОРТАЖ
Наврўз умумхалқ байрами Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан нишонланди.
Дастлаб туман ҳокими С. Хўжаметов барчани янги кун, янги деҳқончилик фаслининг бошланиши билан муборакбод этди.
Туманда кейинги йилларда турли соҳаларда эришилган юксак натижалар, тобора обод ва фаровонлашиб бораётган замонавий қишлоқлар, спортда, ижодда, таълим соҳасида амударёлик ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар хусусида мамнуният билан сўз юритди. Эл-юрт ободлиги ва фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган, қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудларини боғларга айлантираётган фермерларга, тадбиркору ҳунармандларга, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига улкан ютуқлар тилади.
Наврўзона безатилган майдон узра дилларни яйратувчи баҳор тароналари янгради. “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида Амударё тумани маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган театрлаштирилган концерт дастури Наврўз сайли иштирокчиларига олам-олам завқ бағишлади.
Сайлга гўзаллик ва нафосат бахш этган спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, арқон тортиш ва миллий кураш бўйича ўтказилган баҳслар, Наврўзга хос анъаналар томошабинлар томонидан олқишлар билан қўллаб-қувватланди. Барча беллашув ғолибларига Наврўз совғалари топширилди.
Ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, рус, туркман, татару бошқирд, корейс, украин ва бошқа миллат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаётган Амударё заминида Наврўзи олам – янги кун, янги деҳқончилик фасли ана шундай шоду хуррамлик билан қарши олинди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА