Япония Бош вазири Фумио Кисида КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан тезроқ кўришиш ниятини билдирган, деб ёзди Марказий телеграф агентлиги.

Етакчининг синглиси Ким Ё Чжон таъкидлашича, аввалроқ Кисида КХДР ва Япония ўртасида олий даражали саммит ўтказиш имкониятига қизиқиш билдириб, ушбу режасини Шимолий Кореяга етказган.

Кун чиқар юрт ҳукумати бош котиби Ёсимаса Хаяси ҳам февраль ойида Бош вазир КХДР етакчиси билан олий даражада музокара ўтказиш мақсадида эканини айтган.

***

Украина аграр кенгаши раҳбари ўринбосари Денис Марчук маълум қилишича, қишлоқлардан урушга сафарбарлик фаол давом этаётгани учун мамлакат қишлоқ хўжалигида ишчи кучи етишмаяпти.

Мамлакатда 2022 йил 24 февралдан ҳарбий ҳолат жорий қилинган, кейинги кун Владимир Зеленский умумий сафарбарлик ҳақидаги фармонни имзолаган. 18-60 ёшли эркаклар ҳарбий тартиб амал қилаётган даврда Украинани тарк этиши тақиқланган.

***

Тель-Авив марказида Исроилда муддатидан аввал сайлов ўтказиш ва зудлик билан Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилган намойишчилар тўпланган.

“РИА Новости” ёзишича, норозилик акцияси мудофаа вазирлиги жойлашган ҳукумат биноси қаршисида бўлиб ўтмоқда. Оломон беш ойдан буён ХАМАС ҳаракати томонидан асирликда ушлаб турилган гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришишни талаб қилмоқда.

ХАМАС 240 дан зиёд Исроил фуқаросини гаровга олган. Уларнинг 112 нафари қутқарилди, 33 киши ҳалок бўлди. Ҳозир тахминан 100 киши гаровда қолган.

***

Қирғизистон махсус хизмати трансмиллий уюшган жиноий гуруҳнинг беш нафар аъзосини ҳибсга олди. Улар мамлакат раҳбариятига суиқасд уюштирмоқчи бўлган.

Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда “Мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши фаол кураш сиёсати   бошлангач, жиноятчилар шундай режа тузишган”, дейилади баёнотда.

***

АҚШ Вакиллар палатаси ортидан Сенат ҳам молия йили тугагунга қадар 1,2 триллион доллар ажратилиши кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Шу тариқа шатдауннинг олди олинди.

Ҳукумат идоралари молиялаштирилмагани учун фаолиятини тўхтатиб қўйиши Америкада “шатдаун” тушунчаси билан ифодаланади.

Мазкур ҳужжат Исроилга 3,3 миллиард, Украинага 300 миллион доллар ҳарбий ёрдам ажратилишини ҳам кўзда тутади.

***

Польшалик ҳарбийлар РФ қанотли ракетаси мамлакат ҳудудига кирганини таъкидламоқда.

Қуролли кучлар қўмондонлиги баёнотида айтилишича, Россиядан учирилган объект Польша ҳаво кенглигида 39 сония тургач, қайтиб кетган.

***

Словакияда республика президенти сайловида ташқи ишлар вазирлиги собиқ раҳбари Иван Корчок етакчилик қилмоқда. У сайловнинг биринчи босқичида 42,51 фоиз овоз олди. Республика парламенти раҳбари Петер Пеллегрини эса  37,02 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллади. Улар энди 6 апрелга белгиланган иккинчи босқичда рақобатлашади.

***

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Эдриенн Уотсон баёнот беришича, Красногорскдаги терактга Украинанинг алоқаси йўқ.

– Ушбу ҳужум учун “ИШИД” тўлиқ жавобгар, – дейилади “РИА Новости” ихтиёрига келиб тушган баёнотда.

***

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни, зарурат бўлмаса, Россияга бормасликка чақирди. Ҳозир РФда чиқиш ва кириш текшируви кучайтирилган. Шу сабабли Россияга сафар қилишдан тийилиш тавсия қилинган. Аввалроқ Қирғизистондан Москвага учиб келган муҳожирлар “Шереметьево” аэропортида қолиб кетгани маълум қилинган эди.

***

Кремль ИШИДнинг Москвадаги терактга алоқадорлигига изоҳ беришдан бош тортди.

– Текширув кетяпти, ҳозирча бирор ишончли далил йўқ, – дея баёнот берди РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. – Гап фақат дастлабки маълумот ҳақида бормоқда. Махсус идоралардан расмий маълумот кутиш керак.

***

Туркияда 31 март куни бўлиб ўтадиган муниципал сайловга хавфсизликни таъминлаш учун ярим миллиондан зиёд полиция ходими жалб қилинади, деди Турия ички ишлар вазири Эрлиқоя.

С.Раҳимов, ЎзА