Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” бош ғоя асосида байрам шодиёналари ўтказилмоқда.
Барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам байрамини муносиб нишонлаш мақсадида туман марказидаги кўчалар ўзгача байрамона тусга кирди. Мустақиллик кўчасининг икки томонидаги бетон устунлар байрамона гуллар, байроқлар билан безатилди. Маҳаллалардаги уста, ҳунармандлар ўз меҳнат маҳсуллари билан келишган бўлса, миллий кийимлардаги қиз-жувонлар миллий таомлар кўргазмасида ўз маҳсулотларини намойиш қилди.
Моҳир пазандалар томонидан тайёрланган баҳорнинг тотли таоми барчага улашилди. Онахонлар кўкламга етказганига шукроналик билдириб, дуога қўл очди. Барчамиз учун яшиллик ва кўкламдан дарак берувчи баҳор вальси, Наврўз ҳақидаги куй-қўшиқлар байрам қатнашчиларига баҳорий кўтаринки кайфият улашди. Байрам тадбирлари бошланишидан олдин туман ҳокими, сектор раҳбарлари меҳмонлар ва фахрийлар биргаликда маҳаллалар томонидан безатилган сўриларда ташкил қилинган кўргазмаларни кўздан кечирди, сайил иштирокчиларини байрам билан табриклади.
Туман ҳокими Р.Шамуратов юртдошларимизга байрам табригини йўллагач, байрам концерти бошланди. Туман маданият бўлими ходимлари ҳамда хушовоз хонандалар ижросидаги миллий куй-қўшиқлар, истеъдодли ёшларнинг жозибали рақслари ҳамда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, латифалар ҳамда айтишувлардан иборат байрам томошалари бошланди. Эл суйган санъаткорларнинг янгича, ўзгача ва байрамона чиқишлари, миллий лапарлар, турли миллат вакилларининг қўшиқлари ва иқтидорли ёшлардан иборат тўгарак аъзоларининг ижролари байрам тантаналарига ўзгача файз киритди.
Шу куни ҳаво булутли бўлишига қарамай, барчанинг кайфияти юқори. Марказий кўчада бўлиб ўтган байрам шодиёналари миллий спорт ўйинларига уланиб кетди. Полвонлар беллашуви, маҳаллалардан чиққан йигитларнинг арқон тортишувлари ҳамда қўчқор уриштиришлар қизиқувчиларни чорлади.
Ҳар бир йўналиш бўйича ўз маҳоратини намойиш қилган спортчиларга мусобақа якунида қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.