Нукус шаҳридаги 52-сонли умумий ўрта таълим мактабида 7-17 ёшдаги ўқувчилар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида спорт синовларини ўтказиш белгиланди. Синовлар эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳамда ёш гуруҳлари бўйича йилига бир марта ўтказилади.
Ҳар йили спорт синовлари март-ноябрь ойларида бешта йўналишда, жумладан, 1-йўналиш (март-апрель ойларида) –7 ёшдан 17 ёшгача, 2-йўналиш (апрель-май ойларида) –18 ёшдан 29 ёшгача, 3-йўналиш (август-сентябрь ойларида) –30 ёшдан 49 ёшгача, 4-йўналиш (октябрь-ноябрь ойларида) –50 ёш ва ундан катта ёшдаги шахслар, 5-йўналиш (ноябрь ойида) –давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ўртасида ўтказилади.
Спорт синовларида иштирок этувчилар ихтиёрий равишда шаҳар ва туман ҳокимликларида тузилган ишчи гуруҳга ариза (ёзма ёки электрон тарзда) билан мурожаат қилади (аризада ихтиёрий ёки махсус талабларни бажариши аниқ кўрсатилади) ва соғлиғи юзасидан тегишли маълумотномани (имконияти чекланган шахслар учун мажбурий) тақдим қилади. Жисмоний имкониятлари чекланган шахслар учун мазкур спорт синовларининг турлари ва мезонлари (ихтиёрий ҳамда махсус талабларини бажариш) асосида ота-оналар, васийлар иштирокида ихтиёрий равишда ҳамда шифокор тавсиялари ва назорати остида ўтказилади.
–7-17 ёшдагилар ўртасида ўтказиладиган жорий йилги “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида 133 минг 206 нафар мактаб ўқувчиси қатнашиш истагини билдирди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазирлиги бош мутахассиси Дилшод Бегжанов. – Шундан бугунги спорт синовида 400 нафари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қатор имтиёз ва рағбатлантиришлардан фойдаланади. Жумладан, ғолиблар (1-ўрин) “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз, танловдан ташқари ўқишга қабул қилиниб, умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш имкониятини тақдим этади (такси, шу жумладан, йўналишли такси бундан мустасно).
Шунингдек, ғолиб ва совриндорлар (1, 2 ва 3-ўрин) сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади. Давлат шаҳар ва туман кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади.
Ғолиб ва совриндорларнинг фарзандлари ўзлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади. Уларга иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади. Республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (олий таълим муассасалари спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари