Ўзбекистон ёшлари илк бор UNODC Ёшлар форумида иштирок этди

12-14 март кунлари Ўзбекистон ёшлари Гиёҳванд моддалар бўйича комиссия (CND)нинг 67-сессияси доирасида БМТ Ёшлар ташаббуси томонидан ташкил этилган йиллик форумда илк бор иштирок этди. Тадбирда дунёнинг 27 давлатидан келган 35 нафар ёш мутахассис гиёҳвандликнинг олдини олиш ва ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим масалаларни муҳокама қилишди.
Ўзига хос фикр ва тажриба алмашиш майдонига айланган мазкур анжуманда мамлакатимиз вакиллари ҳам айни йўналишдаги энг илғор тенгдошлари билан мулоқот қилиш орқали турли замонавий концепция ва ташаббуслардан бохабар бўлишди.
БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали ёш етакчиларни мавжуд имкониятдан ҳар томонлама самарали фойдаланишга ундади. Сиёсат таҳлили ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Жан-Люк Лемахье ҳам ушбу тадбирнинг ёшлар ташаббусларини ривожлантиришдаги алоҳида аҳамиятини таъкидлади.
Умуман, Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ, янада соғлом ва хавфсиз жамият яратишга муносиб ҳисса қўшаётган Ўзбекистон ёшлари эндиликда глобал муаммоларни ҳал этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Г.Сатторова,
ЎзА