Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

406

Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз!

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз!” шиори остида маданий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси, шунингдек, мамлакатимизда мўътабар аёл зотига улкан эҳтиром кўрсатиш, унинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган хотин-қизлар фаолиятини тарғиб этиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиз бўйлаб “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз!” шиори остида маданий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Тадбирда фаол иштирок этган устозларга ҳамда “Онажоним шеърият” клуби аъзоларига Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан ташаккурнома ҳамда китоблар жамланмаси совға қилинди.

Миллатлараро тотувлик улуғланди 

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида маънавий ва маърифий тадбир ўтказилди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган эзгу ҳаракатлар натижасида юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, шунингдек, 16 та диний конфессия вакиллари яшаб келмоқда. Турли миллатларнинг ўзига хос урф-одатлари ва миллий анъаналарини ҳурмат қилиш ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир давомида миллатлараро тотувлик ва аҳиллик ғоялари кенг тарғиб қилиниб, талабалар томонидан намойиш этилган концерт дастурида турли миллат вакилларининг қўшиқ ва рақслари ижро этилди.

Ўқитувчилар мини футбол бўйича баҳслашди 

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тўрткўл туман бўлинмаси кенгаши томонидан “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида мини футбол бўйича ўқитувчи ҳамда ишчи ходимлар ўртасида мусобақа ташкил этилди.

Мусобақанинг финал босқичида 12 та жамоа иштирок этди. Унда фахрли биринчи ўринни тумандаги 30-сонли, иккинчи ўринни 1-сонли, учинчи ўринни 25-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоалари эгаллади.

Совринли ўринларни эгаллаган жамоалар Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тўрткўл туман бўлинмаси кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири