Эрта тонгдан ўзлари меҳнат қиладиган корхонанинг ён-атрофини, туғилиб ўсган шаҳрининг кўчаю-хиёбонларини тартибга келтириш учун чиққан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ҳашарда фаол иштирок этмоқда.

Халқимизда “Биргаликда кўтарган юк енгил” деган доно гап бор. Инсоният қадимдан катта масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиб келган. Aйни ушбу жиҳат тараққиётга асос яратиб беради ва бу анъана ҳозирда ҳам давом этмоқда. Кундалик ҳаётда йиғилиб қолган муаммоларни жамоа бўлиб бартараф этиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтказиладиган ҳашарлар юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Aзалдан халқимизга хос бўлган айни шундай тадбирлар давомида юртдошларимизнинг бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик сингари ажойиб ҳислатлари барчага ўрнак бўлмоқда. Яқинлашиб келаётган қутлуғ айём – Наврўз байрами олдидан маҳаллаларни, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари ҳамжиҳатлик билан амалга оширилмоқда. Энергетиклар томонидан Нукус шаҳрининг энг серқатнов жойларидан бири ҳисобланган A.Утепов кўчасидаги бегона ўтлардан тозаланиб, мевали ва манзарали ниҳолларга шакл берилмоқда, ариқ ва зовурлар тозаланмоқда.

Гарчи меҳнат ҳафтаси тугаб, бугун дам олиш куни бўлишига қарамасдан, иштирокчиларнинг ҳеч бирида чарчоқ сезилмайди. Сабаби ҳар бир юртдошимиз ўзларининг меҳнати эл-юрт равнақи, атроф-муҳит мусаффолиги, маҳаллаларнинг озодалиги, бир сўз билан айтганда кўнгил ободлиги учун йўналтирилаётганини жуда яхши ҳис қилишади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.