Юртимизга гўзаллик фасли бўлмиш баҳор илиқ нафаси ила табиатни уйғотиб, ўзининг ёқимли тафти билан кириб келди. Қалби гўзалликка, эзгуликка ошно инсон борки, байрамлар фаслида теварак-атрофни обод қилишга шошади. Зеро, озодалик, поклик бор жойда доимо барака ва файз бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида туман ва шаҳарлар, маҳалла ва кўчаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани барча маҳалла ва овулларида, корхона ва ташкилотларда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан бошланди. Туман аҳолиси яшаб турган маҳалласини ободонлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида барча маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, меҳр-саховат кўрсатиш шу билан бирга “Долзарб 10 кунлик” тадбирларини ўтказиш ҳам режалаштирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири