Наврўз умумхалқ байрами арафасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида фестиваль бўлиб ўтди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказларнинг вакиллари иштирок этди.

Меҳмонлар дастлаб талабалар томонидан тайёрланган миллий либослар, ҳунармандчилик намуналари, рассомчилик кўргазмалари, турли миллат вакилларининг урф-одатларини ҳамда миллий спорт ўйинларини томоша қилди. Шунингдек, фестиваль доирасида “Дўстлик боғи”ни барпо этиш мақсадида университет атрофига кўчатлар экилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат вакиллари бир оила фарзандларидек бўлиб, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро тотувликда яшаб келаётганлигини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, қадриятларини муҳофаза этиш ва ривожлантириш учун давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлашди.

Дарҳақиқат, юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, ҳар бир миллатнинг қадриятларини сақлаш, урф-одат ва анъаналари ривожлантиришга барча имкониятлар яратилган бўлиб, бу, ўз навбатида, кўп миллатли халқимизнинг ўзаро тотувлигини мустаҳкамлашга, она Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда.

Фестивалда миллий-маданий марказларнинг кўргазмаси намойиш этилди. Ўқув юрти талаба-ёшларининг она Ватанни, халқлар дўстлигини улуғловчи куй ва қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари