Германия давлати Ханнс Зайдель жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистон маҳаллаларида Рамазон ойининг ўрни, аҳил қўшничилик муносабатлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, ҳамкор ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Шавкат Ҳамдамов Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни, одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатлари хусусида сўз юритди. Кексаларни эъзозлаш, қўни-қўшнилар билан совға-салом алмашиш, муҳтожларга ёрдам бериш, беморлар ҳолидан хабар олиш каби эзгу амаллар жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Мухтор Шоназаров фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла тузилмасининг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашдаги ўрни хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Давра суҳбати ўзаро фикр алмашиш ва самарали муҳокамалар билан қизғин тус олди. Ташкилотчилар ва иштирокчилар мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш ва такомиллаштириш доирасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ишонч билдирди.

Аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи фазилатли ойда жам бўлган рўзадорлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.

Камола ЮСУПОВА, ЎзА