Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда табиркорлар бирлашмаларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида «Савдони ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти ташкил этилади ва унинг устав капиталидаги давлат улушини бошқариш функцияси ишончнома асосида Савдо-саноат палатасига берилади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб Компания томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги асосида тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан тақдим этилаётган субсидия ва преференциялар Тарифлар ва савдо бўйича бош битимга (GATT) ҳамда Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимга (ASCM) мувофиқлаштирилади.

Компания томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш шартлари ҳамда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби Савдо-саноат палатаси таклифига асосан Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади ва Компанияга ўз даромадлари ҳисобидан савдони ривожлантириш чораларини кўришга рухсат этилади.

Компаниянинг Кузатув кенгашига тадбиркорлик субъектларининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларни Компания даромадлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ёрдам инструментларини жорий этиш, самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган ҳолларда молиявий ёрдамни тўхтатиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклифлар киритиб бориш ваколати берилади.

Компанияга Кузатув кенгаши тасдиқлаган низомга асосан малакали мутахассислардан иборат танлов комиссияси томонидан мустақил равишда:

халқаро юридик, аудиторлик, инвестиция маслаҳатчилари, консалтинг компаниялари, малакали маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда консультантларни жалб этиш;

ахборотлаштириш қурилмалари ва хизматлари ҳамда дастурий таъминотларни етказиб берувчи корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.

ЎзА