Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ўрмон фондини муҳофаза қилиш, кўпайтириш, ундан оқилона фойдаланиш, соҳага бозор механизмлари, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, тегишли қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда ўрмон хўжалигини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

–Жорий йилги режа асосида ўрмон фонди ерларида 905 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш, 3 минг 905 гектар ўрмон фонди ерларини ижарага бериш назарда тутилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Ернияз Акимниязов. – Шунингдек, ўрмонзорлар ва бутазорлар майдонини 50 минг 80 гектарга етказиш, мелиорация иншоотлари четида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни ошириш мақсадида шамол ҳамда сув эрозияларидан муҳофаза қилиш учун 250 гектар ер майдонида иҳота дарахтзор барпо этилади. Бундан ташқари, 182 тонна дарахт ва бута уруғини тайёрлаш, 19 миллион 420 минг дона дарахт кўчатини (шундан 1,6 миллион дона тут кўчати) етиштириш, хусусий сектор субъектлари билан ҳамкорликда чорвачилик, асаларичиликни ривожлантириш, 213 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва 2 минг 236 тонна маҳсулот етиштириш белгиланди.

Қарор ижроси доирасида ўрмон хўжаликларида 1 минг 242 гектар майдонда доривор ҳамда озуқабоп экинлар экилиб, шундан 1 минг 870 тонна хомашё етиштирилади. Хусусий сектор билан ҳамкорликда 1 гектар майдонда иссиқхона барпо этилиб, лимон етиштириш йўлга қўйилади. Амалга оширилган ишлар натижасида 41,3 миллиард сўм даромад олиш белгиланган. Жорий йилда Бўзатов тумани давлат ўрмон хўжалигида 7 гектар, Қораўзак тумани давлат ўрмон хўжалигида 7 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, Орол денгизининг қуриган тубидаги 100 гектар майдонда ўрмонзор барпо этиш, Бўзатов тумани қишлоқ хўжалиги экин майдонлари четларида иҳота дарахтзорлар яратиш мақсадида жами 48 минг АҚШ долларлик грант киритилади.

Бундан ташқари, Орол денгизининг суви қуриган тубидаги “Аққум” массивида ўрмонзор барпо этиш мақсадида Оролни қутқариш жамғармаси ҳисобидан 760 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилади. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида Оролбўйи ҳудудларида экологик вазиятни яхшилаш, глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда ҳудудда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Шундан бугунги кунга қадар 65 минг 133 гектар майдонда саксовул, қандим, черкез каби дарахт ва буталар экилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири.