Ҳозирги кунда гиёҳвандлик дунё жамоатчилигини хавотирга соладиган даражада ёйилиб кетмоқда. Охирги 20 йилда кўп мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари билан бирга психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилувчиларнинг сони ошиб бормоқда.

Аксарият давлатларда гиёҳвандлик ижтимоий ҳалокат дея эътироф этилган. Ушбу иллатнинг ёшлар орасида оммалашиши, айниқса, хавфлидир – бирданига жамиятнинг ҳам ҳозирги куни, ҳам келажаги йўқолиб, парчаланади.

Ёшлар ўртасида бу иллатнинг кўпайиб кетишини қуйидаги ҳоллар билан тушунтириш мумкин:

– ўсмирларнинг ҳар хил нарсаларга қизиқувчанлиги, тез таъсирга берилувчанлиги;

– уларнинг ушбу касаллик туфайли келиб чиқаётган асоратларни билмаслиги;

– аҳоли орасида гиёҳванд восита ёки гиёҳвандлик касаллиги тўғрисидаги ахборотларнинг камлиги ва бошқалар.

Шу ўринда Ички ишлар вазирлигининг 2023 йилга оид статистикасига эътибор қаратиш жоиз. Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда республика ҳудудида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга (шу жумладан, талабалар 21 фоизга, мактаб ўқувчилари 6 баробарга) ошган. Наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайган.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, нажот йўли битта – муаммонинг оқибаталари билан эмас, сабаблари билан курашиш самаралироқ. Бу кураш қандай амалга оширилади? Фақат тарғибот-ташвиқот ва медиа имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали. Юртимизда бу борада қатор чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, ҳар йили февраль ойида ички ишлар органлари томонидан “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” ойлиги ўтказиб келинмоқда.

2023 йилда умумтаълим мактаблари, ўрта махсус билим юртлари, лицейлар, олий таълим муассасаларида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида ташкиллаштирилган жами 10 525 та учрашув, давра суҳбати каби тарғибот-ташвиқот тадбирларида 934 минг ёшлар иштирок этди.

Ушбу тадбирлар давомида мутахассислар томонидан ёшлар орасида янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари ва “енгил наркотик” сифатида оммалашиб бораётган дори-дармонларнинг инсон саломатлиги билан бир қаторда, турмуш тарзига, келажагига, яқинларига салбий таъсири тушунтирилди.

Марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида гиёҳвандликнинг жирканч оқибатларини ёритиб берувчи ва бу иллатга қарамликнинг олдини олишга қаратилган 1 676 та чиқиш қилинди.

Ҳозирда ёшлар, айниқса мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, таркибида кучли таъсир қилувчи дори препаратларини истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида бундай воситалар ноқонуний тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан ва илмий асослантирилган тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмлар ишлаб чиқилиб, жорий этилмоқда.

Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётганлар оз эмас. Уларнинг ўз ҳамёнини қаппайтириш илинжида оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта.

Шу боис, ёш авлод онгида энг аввало, оқни қорадан ажрата оладиган ўзига хос иммунитет шакллантириш долзарб аҳамиятга эга. Бунда оммавий ахборот воситалари таъсир кучидан фойдаланиш муҳимдир.

 

ЎзА