Яқинда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилган эди. Унга мувофиқ, эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади 100 млн. сўмдан ошганда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтади.

Яъни, ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлайди. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадлари ташқи манбалардан олинган маълумотлар асосида Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида шакллантирилади.

Эътиборлиси, ўзини ўзи банд қилган шахслар 100 млн. сўмдан 1 млрд. сўмгача бўлган даромадлари учун айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Мисол учун, жорий йилнинг январь ойида ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромади 104 млн. сўмни ташкил этган. Бунда унинг 100 млн. сўм миқдоридаги даромадига солиқ солинмайди. Қолган 4 млн. сўмдан даромаднинг белгиланган меъёридан ошган қисми яъни 4 фоизи миқдорида айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Шу ўринда айтиш жоиз, 5-тоифага кирувчи ҳудудларда фаолият юритаётган ва даромади 100 млн сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан олинадиган солиқ ни 1 фоиз ставкада тўлайди. Электрон савдо майдончасида товар (иш, хизмат)лар савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 2 фоиз миқдорида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, товарларини электрон савдо майдончасида сотган ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадининг 100 млн. сўмдан ошган қисмидан 2 фоиз ставкада айланмадан олинадиган солиқ тўлайди. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромади 1 млрд. сўмдан ошса, улар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, солиқ даврида товарларни реализация қилишдан олинган даромади 100 миллион сўмдан ошган, лекин 1 млрд. сўмгача бўлганда айланмадан олинадиган солиқ тўловчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида тан олинади. Бунда улар солиқ органларига солиқ ҳисоботини тақдим этиши ҳамда солиқларни тўлаши шарт.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА