Маълумки, мамлакатимизда бизнес ва тадбиркорлик, корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, менежмент соҳасида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш мақсадида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби жорий этилган.

Ушбу олий мактабнинг вазифалари ва унда ўқиш жараёнларида касбий фаолиятдан иш ҳақини белгиланиши қандай амалга оширилади? Бу борада “Business Lawyers Group” адвокатлик фирмаси адвокати Муҳриддин Шамсиддинов батафсил тушунтириш берди.

– Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган.

Жумладан, республика иқтисодиётини ривожлантиришга зарур бўлган бошқарув кадрлари, булар олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, кичик бизнес ва тадбиркорлик, рақамли иқтисодиёт, рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш, маркетинг, менежмент ва иқтисодиётнинг талаб юқори бўлган бошқа йўналишлари бўйича магистрларни, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш белгиланган.

Шунингдек, иқтисодиётда эркин рақобат муҳитини шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, товар ва молия бозорларида монополь мавқега эга бўлган корхоналарга қўлланилган имтиёз ва преференциялар самарадорлигини баҳолаб бориш ва тегишли масалалар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш амалга оширилади.

Халқаро эътироф этилган хорижий олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, корпоратив ва лойиҳа бошқаруви ҳамда бошқа соҳаларда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш ҳам Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг йўналишларига киради.

“Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, магистратурада ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида магистратура тингловчиларининг эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Бунда иш берувчи тасдиқланган иш ҳақи фонди доирасида магистратурада таълим олаётган тингловчининг ўқишни тамомлаш даври якунига қадар муддатга тузилган шартнома асосида бошқа ходимларни тегишли иш жойига қабул қилиши мумкин.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА