Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш катта жаримага сабаб бўлади
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, жарима солишга сабаб бўлади.
Жарима миқдорлари қанча бўлади? Бу саволга жавобан шуни қайд этиш керакки, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 миллион 400 минг сўмдан 5 миллион 100 минг сўмгача), мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача (6 миллион 800 минг сўмдан 8 миллион 500 минг сўмдан).
Шунингдек, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Н.Абдураимова,
ЎзА