Сенатга йўлланган мурожаат ижобий ҳал этилди

Ҳар бир мурожаат ортида инсон бор, халқ бор. Шу нуқтаи назардан мурожаатга эътибор, уларга бўлган эътибордир.
Сенат фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида муайян натижаларга эришилмоқда.
Сенат Раиси Т.Норбоеванинг қайд этишича, Сенатга йўлланган мурожаатлар, улар хоҳ ёзма, хоҳ электрон ёки оғзаки бўлсин, бирортаси ҳам эътибордан четда қолмайди.
2023 йилда Сенатга келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти қўмиталар томонидан алоҳида назоратга олиниб, сенаторларнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ўтган йилда сенаторлар таклифлари билан сайловчилар мурожаати асосида кўтарилган ҳудудлардаги муаммоли масалалар ялпи мажлислар муҳокамасига олиб чиқилди ва ўз ижобий ечимларини топди (жами 17 маротаба).
Жорий йилда ҳам Сенатга келаётган мурожаатларнинг ижобий ечимини топиш борасида сенаторлар барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри Ашик айдин кўчасида яшовчи Зулайҳо Ортиқова Сенат Раисининг Инстаграм ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали мурожаат қилиб, ҳудудий идораларда арзи инобатга олинмаётганини маълум қилди. Ариза мазмунидан маълум бўлишича, бу фуқародан ишдан бўшаш талаб қилинган.
“Мен Хўжайли туманида банкда ишлайман. Бу тизимда 2008 йилдан буён ишлаб келмоқдаман. Бир фарзандим бор, уни ёлғиз катта қиляпман. Уйим банкдан олинган кредит эвазига гаровда, бошқа яшаш учун эҳтиёжим юзасидан олган кредитларим ҳам бор. Шу барча харажатлар бўйнимда. Бошқа жойдан 4 йилдан буён иш топа олмаяпман, аёл киши эканим ва ёшимни инобатга олиб, рад этишмоқда. Агар ҳозирги ишимдан ажралсам, ўғлим ва менинг яшаш шароитимиз оғирлашади. Шуни ўйлаб ўз жонимга ҳам қасд қилдим ва шифохонага тушдим. Ёлғиз боқувчи эканимни, стажимни, маълумотимни, тажрибамни инобатга олиб, иш жойимда қолишимга ёрдам беришингизни сўрайман. Ариза берувчи оддий фуқаро Зулайҳо Ортиқова”.
Мазкур мурожаат Сенат назоратига олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига бу фуқарога қонун доирасида амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш ва натижаси бўйича Сенатга ва муаллифга ёзма жавоб бериш сўралди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай мурожаатчидан Сенатга миннатдорчилик мактуби келди: “Мурожаатим қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам берилди. Сенатга, бу борада жон куйдириб ишлаган масъулларга миннатдорчилик билдираман. Зулайҳо Ортиқова”.
Норгул Абдураимова,
ЎзА